"Ўзкимёсаноат" АЖ

Жаҳон эластомерлар бозори 2034 йилга қадар 60 фоизга ўсиши мумкин.

// 23.07.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/Jahon20260723

2025 йилда жаҳон эластомерлар бозори ҳажми 109,6 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Precedence Research прогнозларига кўра, ушбу кўрсаткич 2026 йилда 115,4 млрд долларга, 2034 йилга келиб эса 175 млрд долларга етади. Бозорнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 5,34 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Қарийб 60 фоизлик ўсиш автомобилсозлик, қурилиш, тиббиёт ва саноат тармоқларида талабнинг ортиши, шунингдек, юқори самарадорликка эга ва экологик тоза эластомер материалларнинг кенг жорий этилиши билан изоҳланади.

Тадқиқот маълумотларига кўра, яқин саккиз йил давомида Осиё–Тинч океани минтақаси ушбу бозорда етакчиликни сақлаб қолади. Минтақанинг бозор ҳажми 2034 йилга келиб 47 млрд доллардан 76 млрд долларгача ўсиши мумкин. Шу билан бирга, Шимолий Америкада эластомерлар ишлаб чиқариш суръати бошқа барча минтақаларга нисбатан энг юқори бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ушбу соҳадаги йирик компаниялар қаторига BASF SE (Германия), EI du Pont de Nemours and Company (АҚШ), Lanxess AG (Германия), The Dow Chemical Company (АҚШ) ҳамда JSR Corporation (Япония) киради.