
Дилшод Жумаев корхонадаги меҳнат фаолиятини 1990-йилда бошлаган. Ўтган йиллар давомида у касб сирларини пухта эгаллаб, тажриба ва маҳорат орттирди. Бугунги кунда жамиятнинг 55-алоқа цехида уста сифатида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Қарийб 36 йил — шунчаки рақам эмас. Бу йиллар ортида ҳалол меҳнат, касбга садоқат, масъулият ва катта ҳаётий тажриба мужассам. Шу давр мобайнида мутахассис корхона ҳаётидаги кўплаб ўзгариш ва янгиланишларга гувоҳ бўлди, энг муҳими, ўз меҳнати билан уларнинг бир қисмига айланди. Алоқа тизимининг ишончли ва узлуксиз ишлаши ҳар қандай йирик ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятида муҳим аҳамиятга эга.
Қаҳрамонимиз ана шу масъулиятли йўналишда кўп йиллик тажрибаси ва касбий маҳорати билан жамоа ишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. “3-даражали кимёгар” кўкрак нишони мустақиллик шодиёналарида касб фидойиси учун кутилмаган ва қувончли рағбатга айланди.