"Ўзкимёсаноат" АЖ

2034-йилга келиб ўта юқори молекуляр полиетилен бозори ҳажми 11,95 миллиард долларга етиши мумкин

// 08.09.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/2034-yilga-kelib-uta-yuqori-molekulyar-polietilen-bozori-haz

2024-йилда жаҳон бозорида ўта юқори молекуляр полиетилен (ЎЮМП) ҳажми 2,73 миллиард долларни ташкил этди. 2025-йилда ушбу бозор 3,16 миллиард долларга етиши кутилмоқда ва прогнозларга кўра, 2034-йилгача 11,95 миллиард долларгача ўсиши мумкин. Бу эса ўртача йиллик ўсиш суръати 15,91% бўлишини англатади, деб хабар берди Verified Market Reports агентлиги ўз тадқиқотида.

2024-йилда энг катта даромад улуши Шимолий Америкага тўғри келган – 41%. Бу эса минтақанинг қудратли мудофаа саноати ва ривожланган соғлиқни сақлаш тизими билан изоҳланади. Минтақа кучли саноат базасига эга бўлиб, бу ЎЮМПнинг турли соҳаларда қўлланилишини кенгайишига ёрдам бермоқда. 

Ҳисоботга кўра, яқин йилларда Осиё-Тинч океани минтақаси энг тез ўсадиган бозорга айланиши кутилмоқда. Бу асосан тез индустриаллашув ва турли соҳаларда мустаҳкам, енгил материалларга бўлган талабнинг ортиши билан боғлиқ. 

Мудофаа бюджетларининг ўсиши ва инфратузилма ривожи ҳам муҳим омиллар ҳисобланади. Европа эса инновациялар, барқарор ривожланиш ва юқори муҳандислик стандартларига бўлган эътибор туфайли катта салоҳиятга эга ҳудуд сифатида баҳоланмоқда. 

ЎЮМП бозорининг ўсиши тиббиёт, аерокосмик, мудофаа ва саноат соҳаларида ушбу материалга бўлган талаб ортиши билан боғлиқ. Материалнинг ажойиб механик хусусиятлари, мустаҳкамлиги, юқори зарбага чидамлилиги ва ишқаланишга қарши туриш қобилияти унинг оммалашувига туртки бермоқда. Тиббий мақсадларда биомослик хусусияти ва енгил вазн ҳам материалнинг жозибадорлигини оширади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати