"Ўзкимёсаноат" АЖ

2026-йилда маҳаллий кимёвий маҳсулотлар улушини ошириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда

// 11.11.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/2026-yilda-mahalliy-kimyoviy-mahsulotlar-ulushini-oshirish-b

“Ўзкимёсаноат” АЖда мамлакатимизда турли тармоқларда импорт қилинадиган кимёвий маҳсулотларни таҳлил қилиш асосида, 2026 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ушбу режа доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамкорлигида тоғ-кон саноати учун зарур бўлган саккиз турдаги кимёвий маҳсулотни ўзлаштириш назарда тутилган.Шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖ мутахассислари “Олмалиқ КМК” АЖга хизмат сафари уюштириб, кимёвий маҳсулотларни лаборатория ва ишлаб чиқариш жараёнларида қўллаш амалиёти билан яқиндан танишдилар.

Хусусан, Маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импортни мақбуллаштириш бўлими бошлиғи А. Саломов ҳамда Инновация ва янги технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи О. Имомовлар “Олмалиқ КМК” АЖ марказий лабораторияси мутахассислари билан тиомочевина ҳамда ванадий катализаторларини таҳлил қилиш усуллари бўйича тажриба алмашдилар.

Бу каби амалий ишлар келгусида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун зарур бўлган кимёвий маҳсулотларни мамлакатимизда ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга имкон беради.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати