"Ўзкимёсаноат" АЖ

Мамлакатимизда тинч мақсадларда фойдаланиш учун атом энергетикаси барпо этилади

// 11.07.2018
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news-uzbekistan/mamlakatimizda-tinch-maqsadlarda-foydalanish-uchun-atom-energetikasi-barpo-etiladi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июль куни мамлакатимизда мутлақо янги соҳа бўлган атом энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Дунёда газ, нефть, кўмир ва бошқа манбаларга бўлган талаб кун сайин ортмоқда. Бу, ўз навбатида, ушбу ресурслар захирасининг кескин камайиб кетишига олиб келаётир. Шунинг учун бутун башарият – эҳтиёж учун ишлатиладиган ресурсларнинг муқобилидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Шулардан бири тинчлик мақсадлари йўлида атом электр энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда жаҳоннинг 30 дан зиёд мамлакатида атом электр станцияларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтириш билан бирга, табиий ресурслар тежалишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 69 миллиард киловатт-соатни ташкил этади. Бу қувватнинг қарийб 85 фоизи газ ва кўмир ёқиш орқали, қолган 15 фоизи гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади.

Ҳисоб-китобларга кўра, иқтисодиёт ўсиши, аҳоли сони ва турмуш даражаси ошиши эвазига 2030 йилда электр энергиясига бўлган талаб 117 миллиард киловатт-соатга етади. Бунинг учун янги қувватлар ташкил этиш керак бўлади.

– Агар ушбу қувватни таъминлаш учун табиий газ ва кўмирдан фойдаланишни давом эттираверсак, уларнинг мавжуд захираси маълум вақтдан кейин тугаб қолиши мумкин. Бу эса келажак авлод олдида кечириб бўлмайдиган хато ва жиноят бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис мамлакатимизда тинч мақсадларда фойдаланиш учун экологик тоза ва узоқ муддат тугамайдиган атом энергетикасини барпо этишга киришилди. Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришилди. Мазкур комплекс 2 энергоблокдан иборат, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Уни 2028 йилгача тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу манба қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Агар тежалган газни қайта ишламасдан экспорт қилган тақдирда ҳам, Ўзбекистонга йилига 550-600 миллион доллар валюта тушади.

Атом энергияси экологик тоза, бундай станциялар зарарли ис газини ҳосил қилмайди. Натижада мамлакатимизда табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф-муҳитга тарқаладиган ис гази ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.

Йиғилишда атом электр станциясини қуриш, ундан фойдаланиш билан боғлиқ ташкилий-техник ва амалий ишлар муҳокама қилинди.

Президентимиз шундай объектларни қуриш бўйича ривожланган давлатлар тажрибаси асосида иш тутиш, атом электр станциясини жойлаштириш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш ва геологик-қидирув ишларини сифатли бажариш бўйича топшириқлар берди.

Мамлакатимизда янги бўлган ушбу соҳага доир норматив-ҳуқуқий база яратиш, “Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ва тегишли қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларнинг МАГАТЭ талаблари ва халқаро ҳужжатларга мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

– Бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш, ҳужжатларни тайёрлаш, лойиҳалаштириш ишлари ва музокаралар олиб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги ташкилот тузиш керак. Шу билан бирга, ушбу ташкилот ҳузурида атом электр станцияси қуриш дирекциясини ҳам тузиш зарур. Кейинчалик ушбу дирекция атом электр станциясининг оператори бўлиб қолади, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, атом электр станцияси қуриш ва ундан фойдаланишда энг замонавий ва мураккаб технологиялар қўлланилади. Бунинг учун эса чуқур билим ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар керак. Шу боис Тошкентда физика соҳасида дунёда етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, физика ва техника йўналишларидаги олий ўқув юртларини битирган салоҳиятли кадрларни танлаб олиб, уларни Москва ва Минск шаҳарларига ўқишга ҳамда атом электр станцияларида тажриба орттиришга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

– Ушбу лойиҳани амалга оширишда мутлақо бошқача тизим яратамиз, бу борада бирон-бир бюрократик тўсиқлар бўлишига умуман йўл қўйилмайди, – деди Президентимиз. – Чунки ҳар томонлама узоқни кўзлаб режалаштирилган экологик тоза ва зарарсиз ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда ҳар бир босқичдаги ишларни пухта ишлаб чиқиш ва амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини қатъий назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

ЎзА