"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ “Made in Uzbekistan” Халқаро миллий маҳсулотлар кўргазмасида иштирок этмоқда

// 23.10.2019
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news-uzbekistan/made-in-uzbekistan-2019

Бугун 2019 йил 23-25 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ томонидан республика вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Made in Uzbekistan” Халқаро миллий маҳсулотлар кўргазмаси “Ўзэкспомарказ” МКК АЖнинг павилонлари ва очиқ майдонларида ўз фаолияти бошлади.

“Made in Uzbekistan” Халқаро миллий маҳсулотлар кўргазмасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бу йил ҳам ўз маҳсулотлари ва кўргазмали тарғибот воситалари билан иштирок этмоқда.

Кимё саноати Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, бугунги кунда бир неча йирик ишлаб чиқариш заводларини ҳамда корхоналарини ўз ичига олади.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимида 13 та ишлаб чиқарувчи ҳамда 7 та хизмат кўрсатувчи тармоқ корхоналари мавжуд бўлиб, улар томонидан 170 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналарда 35000 дан ортиқ ходимлар меҳнат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси кимё саноати азот, фосфор ва калий ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда 8 ўринни эгаллаб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар халқаро сифат сертификатлари талабларига тўлиқ жавоб беради.

“Ўзкимёсаноат” АЖнинг асосий фаолиятлари Ўзбекистонда кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан бошлаб охирги истеъмолчи талабларини қондиргунгача бўлган бутун бошли циклни ўз ичига олади.

Бугунги кунда соҳа ривожи йўлида жаҳоннинг бир қатор етакчи компаниялар бўлган  Krict (Жанубий Корея), Indorama (Сингапур), Mitsubishi Corporation (Япония), Samsung (Жанубий Корея) ва бошқалар билан ҳамкорликда янги инвестицион лойиҳалар устида ишлар амалга оширилмоқда.

2018 йилда 4,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсатгич 2019 йилда 6,9 триллион сўмга яъни, мос равишда ишлаб чиқариш кўрсаткичи 108,0 фоизга ошиши кутилмоқда.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар маҳаллий талабни қондириши билан бир қаторда жорий йилда дунёнинг 30 зиёд давлатларига 300,0 млн. АҚШ долларидан ортиқроқ маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.

2018 йилда 46,0 млн. АҚШ долларлик хом-ашё ва товарлар импорт қилинган бўлса, жорий йилда маҳаллийлаштириш Дастури асосида 805,0 млрд. АҚШ долларлик хом-ашёлар тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Кўргазманинг мақсади ва вазифалари – маҳаллий корхоналарнинг экспортга йўналтирилган маҳсулотларини намойиш этиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатиш ҳисобланади.

Кўргазмада иқтисодиётнинг тоғ-кон саноати, нефт-газ сектори, кимё ва фармацевтика саноати, автомобилсозлик ва машинасозлик саноати, электротехника, қурилиш саноати, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати тармоқлари, шунингдек, молия муассасасалари хизматлари, халқ-амалий санъати ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати