"Ўзкимёсаноат" АЖ

Стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида

// 26.11.2014
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news-uzbekistan/kazakhstan2014

Икки давлат раҳбарлари анъанавий дўстлик ва очиқлик руҳида ўтган музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг асосий масалалари, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама этдилар.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни 2013 йилнинг июнь ойида Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома руҳида изчил ривожлантириш икки мамлакат халқларининг туб манфаатлари, уларнинг тарихий ва маданий яқинлиги, вақт синовидан ўтган мустаҳкам дўстлик ва қардошлик ришталарига мослигини, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, уни барқарор ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, томонлар мазкур ташрифга олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг кўп томонлама муносабатларини таҳлил қилиш учун қулай имконият сифатида қарамоқда.

Маълумки, глобал ривожланиш беқарорлик билан кечмоқда, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатлари ҳамон кескинлигича қолмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди. Президентлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун икки мамлакатда ҳам улкан салоҳият мавжудлигини, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, институтлар ва форумлар доирасида Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларини янада ривожлантиришга томонларнинг интилиши муштарак эканини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Ушбу мамлакатда тинчликка эришилиши минтақамиз ва унинг ташқарисида ҳам хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёда мустаҳкам тинчлик ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг умумий масъулиятини инобатга олган ҳолда, терроризм, экстремизм, наркотиклар ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланиши, шунингдек, минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликнинг бошқа хавф ва таҳдидларига қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.

Президентлар музокаралар чоғида иқтисодий муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидандир, икки томонлама савдо алоқалари жадал ва изчил ривожланиб бормоқда. Глобал иқтисодий жараёнлардаги кескин ўзгариш ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатларга қарамасдан, мамлакатларимиз ўзаро савдо алоқалари даражасини нафақат сақлаб қолиш, балки янада ривожлантиришга эришмоқда. Хусусан, 2013 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 фоиз ўсиб, 3,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилди. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан ошди.

Томонлар ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш учун катта имкониятларга эга. Шу муносабат билан икки мамлакат ҳукуматларига ўзаро товар айирбошлашни янада кўпайтириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, юкларни ташиш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга доир чораларни кучайтириш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида 2007-2016 йилларда иқтисодий ҳамкорлик стратегияси талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш учун Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Транспорт ва транспорт коммуникациялари, чунончи, мамлакатларимизнинг улкан транзит салоҳиятидан фойдаланиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш икки томонлама муносабатларнинг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. Ислом Каримов юкларни ташишда, жумладан, темир йўл транспорти ёрдамида олиб ўтиш ва етказиб беришда ўзаро мақбул тариф преференцияларини тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Бу транспорт коридорларининг рақобатдошлигини ошириш, улардан янада самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

Музокаралар жараёнида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Ушбу жамғарма минтақа мамлакатларига Орол фожиасидан азият чекаётган ҳудудларни экологик соғломлаштириш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган илмий-амалий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш учун ўзига хос имкониятлар яратмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракат дастурининг учинчи босқичини самарали амалга оширишга йўналтирилган минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайди. Шу муносабат билан Қозоғистон Республикаси Оролни қутқариш халқаро жамғармасига Ўзбекистон Республикаси раислиги доирасида шу йилнинг октябрь ойида «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида Урганчда ўтказилган халқаро конференция якунларини юксак баҳолади.

Халқларимизнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик анъанавий муносабатларига асосланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф асносида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Президенти ҳамроҳлигида Остона шаҳрида яқинда очилган «Назарбоев-марказ» кўп тармоқли илмий-таҳлилий ва ижтимоий-маърифий давлат муассасасини бориб кўрди. Ушбу марказ ўзига хос фонд-музей бўлиб, бу ерда қозоқ халқининг тарихи, маданияти ва замонавий турмуш тарзини, шунингдек, мамлакат Президентининг фаолиятини акс эттирадиган экспонатлар сақланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон мустақиллик йилларида эришган ютуқларни қайд этар экан, таълим, маънавият, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Олий даражадаги Остона учрашувлари қозоқ халқининг буюк байрами – Мустақиллик куни арафасида ўтгани билан чуқур рамзий маънога эга. Ўзбек ва қозоқ халқлари ҳаёт ва давр синовидан ўтган ишончли қўшнилар, қардошлардир ва шундай бўлиб қолади. Айнан шу боис Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг ҳар бир учрашуви халқларимиз томонидан муҳим тарихий воқеа сифатида кутиб олинади. Зеро, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги мураккаб шароитда нафақат узоқ муддатли истиқболи, балки бутун минтақамизни барқарор ривожлантириш ва фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ушбу ташрифи ва унинг якунлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги имкониятлар очади, халқларимизнинг манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорликнинг янги қирраларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. 

Анвар Бобоев, ЎзА