“Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан мазкур стратегия ижроси доирасида 300 мегаваттли қуёш электр станциясини барпо этишга киришилди.
Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов қуйидагиларни маълум қилди:
–“Яшил” энергетика табиий ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали экологик хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий тежамкорликка эришишнинг муҳим шартларидан бирига айланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар аҳоли ва саноат корхоналарига ҳамёнбоп нархда электр энергиясини етказиш имконини беради.
Шунга кўра, "Навоийазот" АЖ томонидан 300 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуриш ишлари бошланди. Бу лойиҳа экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланиш орқали корхонанинг электр энергиясига бўлган талабини қаноатлантиришга хизмат қилади.
Лойиҳа “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида экологик жиҳатдан хавфсиз ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида амалга оширилмоқда. Кармана туманидаги 796 гектар майдонда қурилаётган станция лойиҳаси Хитойнинг “Sinoma energy” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг инвестиция қиймати 220 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва 100 нафар иш ўрни яратишни назарда тутади.
Станция ишга туширилгач, корхона 100 фоиз электр энергиясига бўлган эҳтиёжини ўзининг қуёш панеллари орқали қоплайди. Бунинг натижасида соатига 150 МВт энергия корхона эҳтиёжлари учун ишлатилади, қолган энергия эса халқ хўжалигида ишлатиш учун сотилади. Муҳими, олинадиган электр энергияси 50-55 фоизга арзонлашади. Бу эса ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдори йиллик 720 миллион тоннага камаяди.
Лойиҳа қурилиши ишларига 1600 нафардан ортиқ ишчи жалб этилади. Уларнинг 500 нафари хитойлик мутахассис, қолгани эса маҳаллий аҳоли вакиллари ҳисобланади. Биринчи босқичда лойиҳанинг 100 мегавати сентябрь ойига қадар ишга туширилиши, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 300 МВт қувватли станция тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.