"Ўзкимёсаноат" АЖ

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг «Навоийазот»АЖда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

// 24.09.2024
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/about-us/oila-va-hotin-qizlar-qumitasi-raisining-navoiyazot-azhda-fao

Жорий йилнинг 23- сентябрь куни Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибаева ва «Ўзкимёсаноат»АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Санобар Абдураҳмонова «Навоийазот»АЖда бўлиб, корхонада аёллар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. 

Меҳмонлар дастлаб кимёгар аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш учун ташкил этилган спорт зали шароитларини кўздан кечиришди. Жамиятда бу йўналишда олиб борилаётган ишлар юқори даражада эканлиги таъкидланди. Корхонада кимёгар аёлларнинг ишдан ташқари бўш вақтда тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланишларига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам меҳмонларнинг эътибори марказида бўлди.

Шунингдек, корхона фаоллар залида жамиятда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида «Ўзкимёсаноат»АЖ ҳамда «Навоийазот»АЖ раҳбарияти томонидан кимёгар аёллар учун барча шароитларнинг яратиб берилаётгани эътироф этилди. Жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш эътибордаги масала эканлиги, оила ва хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.Ҳаётидан рози, меҳнатидан мамнун аёлларнинг корхона ривожи, юрт тараққиёти йўлидаги эзгу интилиши рағбатлантирилиб, юксак давлат мукофотларига муносиб кўрилаётгани  тилга олинди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Жамият негизида ипакчиликни ривожлантириш қувватини ташкил этиш мақсадида  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибаева, «Ўзкимёсаноат»АЖ ва «Навоиязот»АЖ мутасаддилари вилоятдаги фаол тадбиркорлар билан учрашдилар.

Мулоқотда корхонада янги корхонани фойдаланишга топширишга қаратилган ишлар, маблағ, иш ўринлари, технологиялар, ускуналар таъминоти хусусида сўз юритилди.

Бугунги бозор талабини ўрганган ҳолда харидоргир маҳсулот тайёрлашга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Бу жараёнда маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Мақсадни амалга ошириш йўлидаги галдаги муҳим, устувор вазифалар белгилаб олинди.

«НАВОИЙАЗОТ» АЖ АХБОРОТ ХИЗМАТИ