"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Бу холис фикр эмас». «Ўзкимёсаноат» ўз фаолияти тўғрисида тарқалган хабарга муносабат билдирди

// 05.11.2019
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/about-us/kunuz-ammofos

«Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати ижтимоий тармоқда тарқалган, маҳаллий аммофос таркибида фосфор миқдори белгиланганидек 46 фоиз эмас, 6 фоизлиги иддао қилинган хабар юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқдаги каналларнинг бирида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти фаолиятига дахлдор масала юзасидан хабар эълон қилинди. Шу муносабат билан «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

Аввало хабарда бир қанча ноаниқликлар мавжуд эканлигини, муаллиф таъкидлаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Шунга қарамай, хабар сўнгида келтирилган «Афсуски, «Ўзкимёсаноат» мутасаддилари билан боғланишнинг ҳам, фикрларини олишнинг ҳам имкони бўлмади» жумласи сабаб ушбу вазият жамиятимиз томонидан атрофлича ўрганилди.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги «Аммофос-Максам» АЖ аммафос ишлаб чиқарувчи ва уни истеъмолчиларга етказиб берувчи ягона корхона ҳисобланади. «Навоийазот» АЖ, «Фарғонаазот» АЖ, «Электрохимзавод» АЖ ва собиқ «Қўқон суперфосфат заводи» АЖларида оддий суперфосфат ишлаб чиқарилади.

«Аммофос-Максам» АЖ томонидан 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар жами 97 959 тонна физик ҳолда, 44 829 тонна соф ҳолда аммофос ишлаб чиқарилди. Корхона аммофос маҳсулотини Тs 00203074-9-2018 талаблари асосида ишлаб чиқаради. Аммофос таркибидаги фосфор оксиди миқдори 46±1 фоиз, азот миқдори эса 11±1 фоизни ташкил этади.

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Биржа савдолари орқали 75 262 тонна физик ҳолда аммофос қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга етказиб берилган бўлса, 7 528 тонна физик ҳолда аммофос экспорт қилинди.

Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати доимий равишда, техник назорат бўлими ва аккредитацияланган илмий тадқиқот кимё-технологияси лабораторияси томонидан назорат қилиб борилади.

Ижтимоий тармоқдаги хабарда ҳавола қилинган, таркибида 6 фоиз фосфори бўлган аммофос ўғити корхона томонидан ҳеч қачон ишлаб чиқарилмаганлиги, ишлаб чиқарилаётган ва қишлоқ хўжалигига ортилаётган ҳар бир минерал ўғит сифати қаттиқ назорат остида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Қуйидаги жавдалда «Аммофос-Максам» АЖда ишлаб чиқарилаётган аммофос ҳамда Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган аммофос таркиби тўғрисидаги маълумотлар келтирилган:

Кўрсаткич номи “Аммофос-Максам” АЖ да ишлаб чиқарилаётган аммофос Қозоғистон Республикасида  ишлаб чиқарилаётган аммофос
Ўзлаштириладиган фосфатлар масса улуши, % 46±1 46±1
Сувда эрувчан фосфатларнинг масса улуши, % 42,3 33,9
Аl2O3 ва Fe2O3ларнинг масса улуши, % 1,2 3,8
F нинг масса улуши, % дан кўп бўлмаган 1,4 2,8
МgО нинг масса улуши, % дан кўп бўлмаган 0,4 1,9

2019 йилда корхона фаолияти давомида маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилари ҳамда хорижий ҳамкорлар (мижозлар) томонидан ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сифати бўйича даъво ва эътирозлар келиб тушмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, хабарда келтирилган ҳамда текширилмаган баъзи маълумотларга ойдинлик киритишни лозим деб ҳисоблаймиз. Яъни хабарда «Афсуски, «Ўзкимёсаноат» мутасаддилари билан боғланишни ҳам, фикрларини олишни ҳам имкони бўлмади» деб таъкидланган. Ўрганиш натижасида «Аммофос-Максам» АЖга ёки «Ўзкимёсаноат» АЖга бу масала юзасидан ҳеч қандай ёзма ва оғзаки мурожаат бўлмаган. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимида «Ишонч телефони» хизмати йўлга қўйилган бўлиб, ташкилот ўзининг расмий веб-сайтига, фейсбукда ўзининг расмий саҳифасига ҳамда телеграмда эса ўз расмий каналига эга.

Юқорида санаб ўтилган бирорта восита орқали фермердан, жисмоний ва юридик шахслардан хабарда келтирилган масала юзасидан ҳеч қандай мурожаат бўлмаган. Шунингдек, аммофос таркибидаги фосфор миқдори 6 фоиз эканлигини тасдиқловчи иккита жойда ўтказилган лаборатория текшируви натижалари мавжудлиги таъкидланган, лекин ҳавола этилмаган. Бундан кўриниб турибдики, асосланмаган ва текширилмаган фикр холис фикр бўла олмайди.

Буни тасдиқлаш учун республика бўйлаб сентябрь ва октябрь ойларида барча вилоят туманларига ортилган 50 000 тоннадан ортиқ (физик ҳолда) аммофосни холис лабораториялар ва фермерларни жалб қилган ҳолда текширишга «Ўзкимёсаноат» АЖ тайёр эканлигини билдириб ўтмоқчимиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, асосланмаган маълумотларни тарқатиш ҳамда ушбу маълумот орқали шахс ёки ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказганлик учун жавобгарликка тортилиши белгиланган», дейилади «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати хабарида.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ишонч телефони: (78) 140-74-14

Манба: Kun.uz