Бир томчи шабнамдек мўъжаз ва тиниқ элчи деган соф ўзбекча туркий сўзда қанча хикмат бор!
Бизнинг шундай улуғ шеъриятимиз бор, бойликда беқиёс она тилимиз бор. Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор — миллат бор. Тил йўқ — миллат йўқ.
Холиқи олам одамзодга идрок ва Сўз айтиш неъматини бериб, уни барча хилқатларидан устун яратди, жонли ва жонсиз оламга ҳоким қилди. Оламни идрок қилган инсон Сўзни идрок қилади. Сўзни идрок қилиб оламни янада теранроқ идрок қилади. Сўзнинг илдизига етган киши дунёнинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан.
Оламни охиригача англаб бўлмагандек, Сўзнинг ҳам тубига етиш имконсиздир. Биз кўзламоқ, кўзикмоқ, кўзгунинг кўздан келиб чиқишини биламиз, лекин кўз нима сабабдан кўз дейилганини, нега уни биров айн, биров чашм, биров глаз, биров ай деб аташини билмаймиз. Нега тошни бизнинг аждод тош деган, бошқалар хажар, санг, камень, стоун, штайн атаганлар, бу юзлаб номлар қаердан келган, билолмаймиз. Биз фақат фаразлар қиламиз, асил ҳақиқат эса сирлар уммони тубида ётибди. Лекин барибир тинчимас идрок эгаси бўлган одамзод ғаввос бўлиб бу уммон остини кезади, кашфиётлар қилади ва кашфиётлари ҳам чексиздир.
Ўйласам, изланишларимиз каби ғофиллигимиз-да поёнсиз экан. Сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, лекин Сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди. Нега шундай деймиз, дея ўзимизга савол бермаймиз. Бу синоат тўла олам бамисоли олисдаги юлдузлардек ноаён қолаверади. Узум едим, “узум” дедим, билсам, токдан узиб едим, дегандек, ўз қўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан қолган кулни қурум, деймиз. Оғизга солиб ютганимиз ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да, дея ўз содда кашфиётимдан суюнган эдим.
Она тилимни муаззам ва улуғ десам, эъзозлаб бошга кўтарсам, бунинг боиси ўзимники бўлгани, жонимга яқинлиги учун эмас. Шунга ишонганим, иймон келтирганим учун, менинг ҳам бир-икки тилдан хабарим бўлиб, қиёслаш имкониятларим борлиги учундир.
Кумуш Абдусаламова тайёрлади