"Ўзкимёсаноат" АЖ

АМИР ТЕМУРНИНГ ИЛК ТАДҚИҚОТЧИСИ

https://uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/ajdodlarga-ehtirom/amir-temurning-ilk-tadqiqotchisi

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарини дунё олимлари якдиллик билан қомусий асар сифатида баҳолашган ва шу билан бирга темурийлар Уйғониш даври ва Бобур мавзуини ёритиш бўйича мукаммал манба деб билишган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарини дунё олимлари якдиллик билан қомусий асар сифатида баҳолашган ва шу билан бирга темурийлар Уйғониш даври ва Бобур мавзуини ёритиш бўйича мукаммал манба деб билишган. Асарнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири унда тарихий шахслар, буюк сиймолар, ҳукмдорлар, муҳаддислар, олимлар, ижодкорлар, тарихчилар, санъаткорлар ва оддий инсонлар ҳақида аниқ маълумотлар, изоҳлар, тасвирлар, шарҳлар, умуман, турли даражадаги таништирув характеридаги далилларнинг маҳорат билан келтирилганлигидир. Масалан, биргина Самарқанд тасвирида шаҳар тарихида из қолдирган ўн нафардан зиёд буюк шахслар тилга олинган ва уларнинг фаолиятига доир ишоралар қилинган.

Марказлашган давлат асосчиси, буюк саркарда ва илм-фан, адабиёт, санъат, маданият ҳомийси, темурийлар Уйғониш даври асосчиси Соҳибқирон Амир Темур (1336, Кеш шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи – 1405, Ўтрор шаҳри; Самарқанд шаҳрида дафн этилган) номи, ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ ўттиздан ортиқ тасвир, лавҳа, изоҳларнинг берилиши ҳам ниҳоятда муҳим. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, Бобур ўз асарида Амир Темур номини отаси Умаршайх Мирзо билан боғлиқ баёнлар муносабати билан тилга олиб, то Деҳли ва Агра шаҳарларида кечган воқеалар тасвиригача у билан бирма-бир таништириб борган. Шунга кўра, Бобурни улуғ бобокалони Амур Темурнинг илк тадқиқотчи ва тарғиботчиларидан бири деб баҳолаш мумкин. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз тадқиқ ва талқин қилаётган ўттиздан ортиқ тарихий маълумотлар, лавҳаю тасвирлар асосида Амир Темур ва Бобурнинг ўзаро муштарак томонларининг айрим жиҳатларини адиб Х.Султонов «Бобур»[1] номли бадиасида маҳорат билан ёритиб берган бўлса, «Бобур энтциклопедия»сида берилган «Амир Темур»[2] мақолада ҳам «Бобурнома»нинг 37а, 162б, 163а, 224б, 291б, 226б саҳифаларидаги маълумотлар қисман акс этган. Бобуршунос олим Саидбек Ҳасанов томонидан Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев ва Эйже Мано нашрлари асосида қайта нашрга тайёрланган «Бобурнома»нинг 2002 йилги нашрида илмий-танқидий матн асосида тузилган «Кишилар номлари»[3] кўрсаткичида Бобур ўз асарда Темурбек деб ёзганидек, Темурбек номи билан ўндан ортиқ маълумот санаб кўрсатилган. Айни пайтда, атоқли олимларимиз Н.М.Маллаев ва Б.Валихўжаевлар «Бобурнома»даги тарихий шахслар таърифи ва тасвирига бағишланган тадқиқотларида мустабид давр тақозосига кўра Амир Темурни тилга олмаганларини ҳам қайд этиб ўтиш лозим[4].

Бобурнинг «Бобурнома»да келтирган Соҳибқирон Амир Темурга оид барча маълумоту таништирувларини моҳият эътибори билан бир мақола доирасида қуйидагича тасниф ва талқин қилиш мумкин:

Умаршайх Мирзо, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа темурийларнинг валодат ва насаби билан боғлиқ лавҳаларда сулола ва давлат асосчиси сифатида Амир Темур номи юксак ҳурмат билан тилга олинган тасвирлар. Бобур асар аввалида отасининг валодат ва насабига тўхталар экан, бу фиқрани у ўзгача руҳ, алоҳида меҳр ва соғинчу қўмсаш билан батафсил ёзган, ҳатто, нечанчи ўғил, кимдан катта, кимдан кичиклиги ҳақида ҳам изоҳ ва тушунтириш берган. Умуман, «Бобурнома»нинг Амир Темур ёдга олинган барча ўринларида у анъанавий равишда соҳибқиронни Темурбек номи билан зикр қилган. Аммо темурийлар хонадонига мансуб бўлган ўзининг ва ўзи каби бошқа шаҳзодаларнинг темурийзодалар эканлигини эса тарихий фонда ёрқин ва таъсирли ифодалаш мақсадида баъзи лавҳаларда Бобур «наслидин», «авлодидин», «зоду буди», «хонаводамиз» сўзларини маҳорат билан қўллаб, «Темурбек наслидин», «Темурбек авлодидин» «Темурбекнинг зоду буди» ёки «Темурбекдек улуғ подшоҳ», «Темурбекнинг юрти», «Темурбек авлоди илгида», «бизнинг хонаводамиз» тарзида ҳам зикр этган. Маълумки, ўз асарида Соҳибқирон Амир Темурни юракка яқин олиб Темурбек номи билан тилга олиниши Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»[5]сида, малик ул-калом Лутфийнинг Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзога атаб ўзбек тилида ёзган мадҳ қасидасида[6], Алишер Навоийнинг «Муншаот»и[7], ХВИ асрда туркий тильда яратилган Ўтамиш Ҳожи ибн Муҳаммад Дўстийнинг «Ўтамиш Хожи тарихи» асаридаги «Достони Ўғузхон зикрида» ҳам учрайди[8].

Маълум бир бек, умаро тилга олинган ўринларда. «Бобурнома»да Амир Темурдан тарбия, мурувват, ёруғлик кўрган бек, умаро, амалдорлар тўғрисида талайгина қимматли фикрлар мавжуд. Бобур бу каби фикрларини ишонарли қилиб «Темурбек риоят қилғон» деган гап шаклида таъкид оҳангида ишонарли баён қилган. Масалан, отаси Умаршайх Мирзонинг «хавотун ва сарори» ҳақидаги маълумотда онаси Қутлуқ Нигорхонимга алоҳида тўхталар экан, бобоси Юнусхоннинг она томонидан қариндошлиги Шайх Нуриддинбекка бориб боғланиши ҳақида «Юнусхоннинг онаси туркистонлиқ қипчоқ бекларидин Темурбек риоят қилғон Шайх Нуриддинбекнинг қизи ё набираси бўлур»[9], деб ёзади. Султон Аҳмад Мирзонинг олтинчи умароси сифатида кўрсатилган Дарвешбек ҳақида ҳам худди шундай дейди: «Яна бир Дарвешбек эди, Темурбек риоят қилғон Эгу Темурбекнинг наслидин эди. Ҳазрати Хожаға иродати бор эди» (46). Қизиғи шундаки, Бобурнинг Дарвешбек тўғрисидаги мазкур таъкидлари Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг иккинчи мажлисида берилган Дарвешбек ҳақидаги фиқрада «Насаби худ олам аҳлиға зоҳирдур»[10] деб ёзган эътирофли маълумотига мос келади.
Давлат, тахту тож бошқаруви баён қилинган тарихий воқеаларда. «Бобурнома»нинг 1495–1496 йил тафсилотлари баёнида Бобур ўзининг давлат бошқаруви тизими тўғрисида ёзар экан, «Темурия салотини дастури» номли тартиб-қоида ҳақида маълумот беради. У орқали у Амир Темур ва темурийларнинг тахтда, гоҳ шоҳона тўшак (кўрпача) устида ўтириб давлат бошқаргани, кенгаш чақиргани ва элчиларни қабул қилгани каби бошқарув ҳамда маросим усулларидан воқиф бўламиз. Чунончи: «Ул фурсатлар Темурия салотини дастури била тўшак устида ўлтурур эрдим. Ҳамза Султон била Маҳдий Султон ва Мамоқ Султонким келдилар, бу салотиннинг таъзимиға қўпуб тўшакдин тушуб, бу султонлар била кўруштум. Султонларни ўнг қўлда боғишда ўлтурғуздум. Муҳаммад Ҳисорий бошлиқ борча мўғуллар келдилар. Борча мулозаматни ихтиёр қилдилар» (53). Ёки етакчи сифатида тарих майдонига чиққан Бобур «Бобурнома»нинг 1507-1508 йил воқеалари баёнида, яъни Ҳиндистон азимати олдидан ўзи жорий қилган бир сиёсий ислоҳоти, яъни ўзини подшоҳ деб эълон қилиш буйруғи, санаси ҳақида илҳом билан тўхталар экан, шу ўринда Амир Темурни эслайди: «Ушбу тарихқача (913 йил) Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ дегайлар» (160).
Кеш, Самарқанд, Қоракўл (вилоят), Деҳкат (кент), Хуросон (вилоят), Мўлтон (навоҳи), Ҳирот, Қандаҳор, Биҳира (вилоят), Деҳли, Агра каби шаҳар, кенту вилоятлар билан боғлиқ тасвирлар. Табиийки, бу ҳолат тарихан Амир Темур ихтиёрида бўлиб, кейинчалик подшоҳ Бобур тасарруфига ўтган вилоят, юрт, ўлка, шаҳар тасвирларида кўп учрайди. Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, Бобурнинг «Бобурнома»да келтирган шаҳар, вилоятлар тасвирида ва ободлик, фаровонлик йўлида амалга оширган кенг қамровли фаолиятлари, етакчилик салоҳиятлари баёнида Амир Темур, темурийлар ва ўзининг Шарқ Уйғониш даври маданиятининг ажралмас қисми бўлган шаҳарсозлик маданиятига кўрсатган таъсиридан ва улар ҳукмронлиги даврида шаҳарларнинг тараққий топганидан етарлича хабардор бўламиз. Тарихий манбаларда Дилкаш шаҳар деб ном олган Кеш тасвирига диққат қилсак, тасвир орқали Кеш қадимдан Амир Темурнинг аждодлари билан боғлиқ шаҳар эканлиги ва унинг ўзи тузишга бел боғлаган йирик марказлашган давлат учун пойтахт шаҳар танлашдаги билими, маҳорати, тўхтами, қароридан ҳам воқиф бўламиз: «Яна Кеш вилоятидур… Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хўб сабз бўлур учун Шаҳрисабз ҳам дерлар. Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун шаҳр ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди. … Чун Кешнинг қобилияти шаҳр (пойтахт шаҳар демоқчи – Б.Р.) бўлмоққа Самарқандча эмас эди. Охир пойтахт учун Темурбек Самарқандни-ўқ ихтиёр қилди» (61). Бобур ушбу маълумотини асарда «Самарқандни Искандар бино қилғондур. Мўғул ва турк улуси Самарқанд дерлар. Темурбек пойтахт қилиб эрди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмас» (59), деб ёзган қимматли маълумоти билан тўлдирган. Бобур ушбу қисқа тасвирида маҳорат билан пойтахт Самарқандни ер юзининг маданий ва маърифий марказларидан бирига айлантирган улуғ бобокалонининг табаррук номини қайта-қайта ёдга олиб, гўё ботини ва зоҳиридаги ғуборлардан халос бўлиб, у улуғ зотга кўрсатган лутфи, чексиз ҳурматига гувоҳ бўламиз. Мазкур ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таниқли матншунос олим В. Раҳмонов Бобур «Бобурнома»да бир неча марта мароқ билан қўллаган «зоду буди» иборасини Кеш ва Андижон тасвири мисолида шарҳлар экан, олим «… Бобур ўзининг туғилиб ўсган шаҳри Андижон эканлигини ҳам шу тарзда ифодалаган»[11], деб алоҳида қайд қилган. Ёки муаллиф Қоракўл шаҳри баёнида Амир Темур барпо қилдирган машҳур боғларидан бири билан «Темурбек дегандурким» дея мамнунияту эътирофини яққол сездириб, Соҳибқиронни шундай таништиради: «Яна Қоракул вилоятидур… Андоқ машҳурдурким, Темурбек дегандурким: менинг бир боғим борким, тули ўттуз йиғачтур» (61).
Бобур «Бобурнома»да Деҳли шаҳрини ўз тасарруфига олиш, эгалик қилиш ва бошқариш тарихини битар экан гапни мозийдан, яъни Деҳли шаҳрининг Амир Темур бошқарувига ўтишидан бошлайди ҳамда лавҳани аниқ қилиб «Деҳли Султон Аловуддиннинг илигида эди. Бу табақа саййидтур. Темурбек Деҳлини олғонда Деҳли ҳукуматини буларнинг оталариға бериб, бориб эди» (196) деб хулосалайди.

Ҳарбий тактика ва бунёдкорлик ишларида ўзининг фаолияти билан боғлиқ қиёсий тасвирларда. Бобур ўзини Ҳусайн Бойқаро ёки бошқа темурий шаҳзодалар билан қиёслаган тарихий тасвирлардан бирига мурожаат қилсак. «Бобурнома»нинг 1503–1504 йил воқеалар баёнида, яъни Кобулда мустақил ҳукумат тузган Бобур Мирзога Султон Ҳусайн Мирзодан Шайбонийхонга қарши туришга ундовчи хабарлар келади. Мактублардан бирида Ҳусайн Бойқаро Бобур Мирзога Коҳмард ва Ажарда ҳарбий истеҳком билан мустаҳкам туриши ҳақида ёзиб юборади. Аммо Ҳусайн Бойқаронинг оқибатини ўйламай тутган ҳарбий тактикаси ва режалари Бобур Мирзога маъқул келмайди ва бу ўринда у огоҳлик билан темурийлар давлати асосчиси бўлган мулкгир Амир Темурни ёдга олади. Яъни «Султон Ҳусайн Мирзонинг бу хатлари мужиби ноумидлик бўлди. Не учунким, Темурбекнинг юртида бу тарихда андин улуғроқ подшоҳ ҳам ёш ва ҳам вилоят ва ҳам черик била йўқ эди». Яна у «Темурбек ўрниға ўлтурғон» дея фикрларини давом эттириб, ғалабаси, оқибати таъминланмаган ҳарбий юришдан қаттиқ норози бўлганлигини яққол сездириб, шундай тушунтиради: «Султон Ҳусайн Мирзодек Темурбек ўрниға ўлтурғон улуғ подшоҳ ғанимининг устиға юрумакни демай, ер беркитмакни деса, эл ва улусқа, не умидворлиқ қолғай?» (103).

«Бобурнома»да келтирилган бунёдкорлик ишлари билан боғлиқ бир қиёсий тасвирга кўра, Бобур Аграда амалга оширган бир иморатни бино қилишга жалб қилинган тош йўнувчи уста, ҳунармандлар билан улуғ бобокалони бунёд қилган масжид қурилишида қатнашган сангтарошларнинг сони ва иш унумини қиёслар экан, ўзининг бу борада устун жиҳатларини ҳеч иккиланмай “Ҳар иш ва ҳар нима учун жамиъ муқаррар ва муайиндурким, ота-оналаридин бери ул иш ва ул нимани қила келгандурлар. Нечукким, «Зафарнома»да Темурбекнинг «Масжиди сангин» иморатини қилурда мулла Шариф (Али Яздий – Б.Р.) мундоқ муболаға била битибдурким, Озарбайжон ва Форс ва Ҳиндистон ва яна ўзга мамолик сангтарошларидин ҳар кунда икки юз киши масжидда иш қилурлар эди. Бир Аграда ушбу Агранинг сангтарошларидин менинг иморатларимда ҳар кунда олти юз саксон киши иш қилурлар эди” (209), деб дадиллик билан ёзади ва ўз фарзандларини ҳам бу каби хайрли қурилиш ишларига чорлагандек бўлади. Бу қиёсий тасвирнинг биз учун яна бир муҳим жиҳати бор, яъни, биринчидан, Бобур кекса муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг улуғ бобокалони Амир Темур ҳақида 1424-1425 йилларида ёзиб тамомлаган машҳур «Зафарнома» номли мукаммал тарихий асарининг билимдони эканлигига тан берсак, иккинчидан эса Алишер Навоий катта умидлар боғлаган валиаҳд Бадиуззамон Мирзони ҳам улуғ бобокалони Амир Темур тарихидан сабоқ, ибрат олиш мақсадида ва сиёсий ҳушёрлик учун «Зафарнома»ни тез-тез мутолаа қилиб туришга ундаб битган дидактик мактуби[12] ёдимизга тушади.

Самарқанд тахтида алоҳида ҳукумат сурган ва давлат бошқарган темурийлар бирма-бир санаб, изоҳлаб кўрсатилган тарихий ва қизғин жараёнлар тасвирида. Самарқанд тахти ва мамлакат бошқарув тизими билан боғлиқ аниқ воқеалар баёнида Бобур Мирзо Амир Темурнинг Самарқанд тахтига ўтиргандан бошлаб, то ўзигача Самарқанд тахтига ўтирган ва ҳукумат сурган Темурбек, Жаҳонгир Мирзо, Муҳаммад Султон, Улуғбек Мирзо, Абдулатиф Мирзо, Абдулла Мирзо , Абусаид Мирзо, Султон Аҳмад Мирзо, Султон Маҳмуд Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Али Мирзо каби ўн икки нафар темурий ҳукмдорларни номма-ном, тартиб билан санаб кўрсатган, фақат ўзинигина кишилик олмоши «мен» билан «Бойсунқур Мирзодин мен олдим» деб ёзган. Нимагадир Бобур сулоланинг бу каби тарихий маълумотида Самарқанд тахтида беш йил ҳукмронлик қилган ва қайсидир маънода кўнгил ишини мулк ишидан устун қўйган Халил Султонни бу силсилада тилга олмаган, кўрсатмаган. Бундай тартиб билан кўрсатиш, биринчидан, Бобур услубига хос бўлиб, иккинчидан эса у китобхонни 140 йиллик Самарқанд тахти, бошқарув тарихи билан, яъни ўзи «… юз қирқ йилға ёвуқ Самарқанд пойтахти бизнинг хонаводада эди…» (80-бет), деб ёзган эътирофи, изоҳи билан қисқа, аниқ тарзда таништиради.
Амир Темур ва ўзи билан боғлиқ Ҳиндистон тасвирларида. Асарнинг Самарқанд тасвирида Бобур Ҳиндистондан келтирилган сангтарошлар ва номаълум рассом томонидан Дилкушо боғида қурилган кўшк деворларига санъаткорона чизилган сурат ҳақидаги кузатишлари асосида ёзган қизиқарли маълумотга эга бўламиз: «Темурбекнинг ва Улуғбек Мирзонинг иморати ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур… Яна Оҳанин дарвозасиға ёвуқ қалъанинг ичида бир масжиди жумъа солибтур, сангин, аксар Ҳиндистондин элтган сангтарошлар анда иш қилибтурлар… Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкта Темурбекнинг Ҳиндистон урушини тасвир қилибтурлар…» (59). Ёки асарда берилган «Деҳкат Ўратепанинг кўҳпоя кентларидиндур, улуғ тоғнинг тубида тушубтур, бу тоғдин ўтгач, Масчо бўлур… Мен бир калонтарининг уйига туштим, қари киши эди, олтмиш-этмишда бор эди, вале онаси ҳануз бор эди. Хейли умр топқан хотун эди, юз ўн бир ёшта эди. Темурбек Ҳиндустонға кирганда бу хотуннинг уруқ-қаёшидин бири ул черикка бориб экандур. Ул хотирида бор эди, ҳикоят қилур эди» (87), деган. Бобур маълумотида ўзининг Деҳкатда кечган сарсону саргардон кунлари ҳақида ёзар экан, Амир Темур ҳақидаги изоҳни воқеа ичида воқеа шаклида тилга олган. Яъники, 111 ёшга кирган онахон ҳақидаги ҳайратомуз фикрларини битар экан, унинг хотиралари асосида Амир Темурнинг Шимолий Ҳиндистонга қилган ҳарбий юриши ва бу юришда 111 ёшни қаршилаган онахоннинг қариндошларидан бири аскар сифатида қатнашганини алоҳида мароқ ва кўнглидан кечган Ҳиндистон салтанати орзуси билан ёзганлигини сезиш мумкин. Демак, онахон Амир Темурнинг Шимолий Ҳиндистонга уюштирган ҳарбий юриши ҳақида айтган ҳаётий ҳикояси билан олдинни кўзловчи Бобур диққатини ўзига жалб қилган. «Бобурнома»да берилган Ҳиндистон тасвирларида Шимолий Ҳиндистонни ўз ихтиёрига олиб, янги ҳаёт бахш этган ҳукмдор сифатида Амир Темурни тилга олади: «Темурбек Ҳиндистонга кириб чиққани(дин) бери бу неча вилоятким, Бҳира ва Ҳушоб ва Чаноб ва Чиниват бўлғай, Темурбекнинг авлодининг тавобиъ ва лавоҳиқи тасарруфида эди» (166). Бобур мазкур маълумотида сабабсиз «Темурбек авлодининг тавобиъ ва лавоҳиқи тасарруфида эди», деб ёзмаган. Чунки бу маълумоти билан у Ҳиндистон салтанатига нисбатан ўзининг ворисийлик ҳуқуқи борлигига дадил ишора қилган ва меросхўр темурий ҳукмдор сифатида «элчиликка таъйин қилиб бир қарчиғай йибориб, қадимий туркка тааллуқ вилоятларни тиладук», деб талабларини ёзиб жўнатган расмий элчилари ҳақида ҳам хабарлар битиб қолдирган. Аммо ушбу тасвирда Бобур Амир Темурнинг Ҳиндистон салтанатида ўзи каби муқим қолмаганига ҳам диққат қилган ва ўзининг муддаосини матнда усталик билан қўллаган «кириб чиққан» (кирди-чиқди) жуфт сўзлари воситасида ифодалаб берган. П.Қаюмов ҳам ўзининг «Хўқанд тарихи ва адабиёти» китобида «Шоир ва адиб Бобур» фиқрасида уни «Ҳиндистонда темурийлар давлатини таъсис этди»[13] деб таъкидлайди.

Умуман, Бобур «Бобурнома»да келтирган Соҳибқирон Амир Темурга оид тарихий маълумотлар, тасвиру лавҳалардан шундай хулоса қилиш мумкинки, биринчидан, Бобур Амир Темур билан фахрланган ва темурийларнинг тарихини яхши ўрганган, билган ҳамда ана шу билганларини ёрқин ва таъсирли тарзда ифодалаган, иккинчидан эса даврдаги яқинлик сабаб буюк шахслар бир-бирларини руҳан, қалбан яхши ҳис қилгани каби шоҳ ва шоир Бобур ҳамда улуғ бобокалони Амир Темур ўртасида юз йилга яқин тарихий масофа бўлсада, у Амир Темурни ҳар томонлама тўла ҳис қилган ҳамда у каби сиёсий ҳушёр ҳукмдор бўлишга интилган. Бобурнинг илмий аҳамиятга молик бўлган ўттиздан ортиқ ушбу тарихий маълумоту лавҳалари келажакда Амир Темур ҳамда ўзи тўғрисида кўплаб илмий тадқиқотлар ва ижодий асарларнинг яратилишига туртки ва замин бўлиши шубҳасиз.