“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг расмий баёноти

// 28.04.2020 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (54.36 KB)

Куни кеча ижтимоий тармоқдаги каналларнинг бирида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятига дахлдор масала юзасидан хабар эълон қилинди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

Аввало муаллиф ўз муносабатида тўхталиб ўтганидек, “бозор иқтисодиётида ҳамма нарса бир бирига боғлиқ” эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар таннархининг асосий қисмини яъни салкам 70 фоизини табиий газ ва электр энергия ресурсларидан фойдаланганлик ҳаражатлари ташкил этади. Шунингдек, минерал ўғитларнинг савдоси 10 фоизлик рентабиллик асосида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги ўз савдо майдончаси орқали ташкил этилади. Мисол учун селитранинг 1 тоннаси 1900000 сўмдан (1 қопи 95000 сўм), аммофоснинг 1 тоннаси 4000000 сўмдан (1 қопи 200000 сўм), карбамиднинг 1 тоннаси 1800000 сўмдан (1 қопи 85000 сўм), калийнинг 1 тоннаси 1500000 сўмдан (75000 сўм) биржа савдоларига қўйилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, бозор иқтисодиётидан келиб чиқиб, баъзи ҳаридорлар мурожаатда таъкидлаганидек, аммофоснинг 1 қопини 250000 сўмдан, селитранинг 1 қопини 120000 сўмдан сотаётганлиги ташкилот тизимидаги корхоналар фаолияти билан боғлиқ эмаслиги аён бўлади.

Жумладан, жорий йилнинг 27 апрель куни “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси очиқ биржа савдолари орқали жами савдога қўйилган 50473 тонна минерал ўғитлардан 13373 тонна минерал ўғитлар сотилган бўлиб, сотувнинг асосий қисмини яъни 70 фоизини аммиакли селитра ташкил этган бўлиб, 1 тонна аммиакли селитра учун юқори нарх таклифи 2505000 сўм бўлса, паст нарх таклифи 1930384 сўмни ташкил этган. Бунда маҳсулотнинг ўртача нархи 2154317 сўм бўлган. Ушбу кун 1 тонна аммофос юқори нарх таклифи 4473000 сўм, ўртача нарх таклифи 4472990 сўмни ташкил этган.

Эндиликда 28 апрелдан бошлаб аммофос нархи арзонлаштирилган нархда биржа савдоларига қуйилади. Яъни 1 тоннаси 4473000 сўм эмас, балки 23570 ва 24639-сонли контрактларда 4000000 сўмдан биржа савдоларига чиқарилмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан биржа савдоларига доимий равишда яъни эрталабки савдода 10:00-10:20гача ва кечки савдода 15:00-15:20гача корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар етарли даражада қўйиб борилаётганини инобатга олиб, барча истеъмолчиларни, жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлар етиштирувчи бўлган фермерлар ва деҳқон хўжаликлари кунлик биржа савдоларида шахсан иштирок этиб маҳсулотларимизни тўғридан-тўғри ҳарид қилишга чорлаб қоламиз. Натижада маҳсулотларни бошқа истеъмолчилар томонидан олиб сотиш амалиётига чек қуйилиб, маҳсулот тан нархи янада ошишининг олди олинар эди.

Маълумот учун биржа савдоларида сотиб олинган минерал ўғитлар корхоналар томонидан республика бўйича жойларда ташкил этилган омборлардан етказиб берилишини таъкидлаб ўтиш лозим. Кичик миқдорда ҳарид қилинган маҳсулотларни ортиқча оворагарчиликларсиз заводдан эмас, ўз ҳудудидаги омбордан етказиб берилади.

Бугунги кунда ташкилот ва унинг тизимидаги корхоналар барча имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланиб мамлакатимиздаги минерал ўғитларга бўлган ички талабни тўлиқ қондириш ҳамда арзон нархда истеъмолчиларга етказиш борасида ўз фаолиятини ташкил этиб келмоқда.

Бунинг учун аввало мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманнинг ҳар бири тизимдаги корхоналарга бириктириб чиқилди. Корхоналар ўзларига бириктирилган туманларда махсус дўконларни ташкил этиш учун биринчи навбатда ўша ҳудудда мавжуд минерал ўғитни сақлаш ва сотишга мослашган инфратузилма объектлари, омборхоналардан максимал даражада унумли фойдаланилади.

Бундан ташқари ҳудудий “Агрокимёҳимоя” омборлари ва инфратузилма объектларини жалб қилишга ҳам эътибор қаратилади. Мақсадимиз ҳаражатни камайтириб, деҳқонни тўғридан-тўғри арзон ўғит билан таъминлаш ҳисобланади. Режалаштирилган ишлар амалга оширилиши натижасида, ҳозирда сотилаётган ўғитларнинг нархидан 10-12 фоиз арзонроқ нархда ўғитлар воситачиларсиз истеъмолчига етказиб беришга эришилади.

Ҳозирда 1 суткада “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан 7,5 минг тонна азотли, 1,1 минг тонна фосфорли ва 850 тонна калийли ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги “Ўзкимёсаноат” АЖ савдо майдончаси орқали ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдоси бўйича барча маълумотларни www.uzkimyosanoat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги https://t.me/uzkimyosanoat ва https://www.facebook.com/uzkimyosanoat/ расмий саҳифалари орқали олишингиз мумкин.

Маҳсулотларни етказиб бериш ва уларнинг сифат даражаси бўйича таклиф ва эътирозларингиз бўлса, (78) 140-74-48 ишонч телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати