Расмий баёнот

// 28.01.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.83 KB)

Ҳозирда ижтимоий тармоқда муҳокама қилинаётган масалалардан бири Жиззах вилояти Мирзачўл тумани “Ипак йўли” ҚФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг “Ипак йўли” ҚФЙда жойлашган “Зилол булоқ” МЧЖга қарашли аммофос ишлаб чиқариш цехидан чиқаётган заҳарли газларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири юзасидан қилинган видеомурожаати  “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Аввалом бор шуни таъкидлаш лозимки, аммофос – мураккаб комплекс азот-фосфорли минерал ўғит ҳисобланиб, ушбу ўғит бир нечта босқичлардан иборат кимёвий жараёнларни ўз ичига олган технология асосида ишлаб чиқарилади. Бу жараёнларда организмга, тупроққа, атроф-муҳитга зарарли таъсир етказиши мумкин бўлган сульфат ва ортофосфор кислоталари, аммиак ва бошқа асосий кимёвий хом-ашёлар ишлатилади. Бу турдаги кимёвий моддалардан фойдаланиш, уларни сақлаш, ташиш каби ишларни амалга ошириш учун ҳам тегишли талаблар белгиланган. Бундан ташқари технологик жараёнлар ҳам юқори босим ва ҳароратларда ишловчи ускуналарда олиб борилади.

Бу турдаги ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун катта ер майдони, жумладан, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иккиламчи чиқиндиларни сақлаш учун махсус ер майдони талаб этилади ва бу турдаги ишлаб чиқариш объектлари СанҚваН 0090-99-сон “Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналари учун санитария қоидалари” талабларига мувофиқ аҳоли пунктларидан камида 1000 метр масофада жойлашган бўлиши белгиланган.

Умуман олганда, минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари биринчи навбатда СанҚваН 0090-99-сон “Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналари учун санитария қоидалари” билан белгиланган санитар-гигиеник қоидаларга жавоб бериши талаб этилади.

Шу ўринда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналар фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Чиқиндилар тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонунларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан рухсат этилган меъёрий ҳужжатлар асосида иш юритиши лозимлигини таъкидлаб ўтиш керак.

Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларида маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларини таъминлаш ҳамда корхонада санитар-гигиеник талабларни бажариш учун кимёвий корхоналар кимёвий синов ва санитария лабораторияларига эга бўлиши, барча технологик жараёнлар ва корхонанинг санитария-гигиена ҳолати тизимли назоратга олиниши керак.

Аммофос ёки шунга ўхшаш мураккаб минерал ўғитларни ишлаб чиқариш учун ўз ичига бир нечта ёрдамчи цех ва бўлинмаларни олган йирик кимёвий корхона барпо этишни талаб қилади. Яъни белгиланган талабларга жавоб бермайдиган корхоналарда қўлбола усулларда минерал ўғитларни ишлаб чиқариш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш” ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ кимёвий маҳсулотлар, жумладан, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тегишли стандартлар қабул қилиниши ва маҳсулотлар ушбу стандартлар талабларидан келиб чиқиб мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши лозим. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 мартдаги 220-сон қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқилаётган стандартлар лойиҳалари, жумладан, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқилаётган ташкилот стандартлари лойиҳалари ҳам “Ўзкимёсаноат” АЖ қошида ташкил этилган кимё саноати соҳасидаги стандартлаштириш бўйича техник қўмита билан келишилиши лозим.

“Ўзкимёсаноат” АЖ сифати талаб даражада бўлмаган минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ва натижада инсон организмига салбий таъсир кўрсатадиган, нафақат деҳқон фермерларга зарар келтирадиган балки тупроқнинг бузилишига ҳам олиб келадиган ҳамда атроф-муҳитнинг экологиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўз ваколатлари ва технологик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда минерал ўғитларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ниятида бўлган тадбиркорлик субъектлари билан доимо ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилади.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати