"Ўзкимёсаноат" ҳамда "Деҳқонобод калий заводи" АЖларининг РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 02.10.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (957.33 KB)

Ижтимоий тармоқлар ва бир қанча Телеграм каналларида тарқалган, “Завод омборларидан чиқаётган заҳар артизан ва булоқларимизни ифлослантирмоқда” мазмунидаги мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Видео мурожаат ва суратларда акс этган ҳолат ҳақиқатдан ҳам полиетилен линия монтажидаги нуқсон сабабли бир неча ой олдин кузатилган. Ҳолат зудлик билан назоратга олиниб, ариқ ва жилғалар қувурдан сизган шлам қолдиқларидан (мурожаатда заҳар деб кўрсатилган ваҳоланки ушбу шлам қолдиқлари таркибида ҳеч қандай заҳар мавжуд эмас) тозаланган ва унинг сувларга тушишининг олди олинган бўлиб, нохуш ҳодиса натижасида рельефга оқган чиқинди учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 12-апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 202-сонли қарорнинг 5-боб 19, 20-бандларига асосан БҲМ ўн бараварида, 2 124 401 сўм компенсация ҳисобланган.

Юқорида таъкидланган видео мурожаат 29.09.2022 йил соат 17:27 да ижтимоий тармоқларга жойлангандан сўнг ҳам жамият масъул ходимлари шу куннинг ўзида жойига чиққан ҳолда вазиятни ўрганишди. Ўрганишларда жамиятга тегишли участкалардаги қувурларда шлам қолдиқларининг сизиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмади.

Хитойнинг CITIC компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси қурилиш меъёрлари қоидаларига мувофиқ қурилган 1-босқич доирасидаги шлам йиғгич ҳавзаси тўлганлиги учун 2022 йил июль ойида ишлатилиши тўхтатилган. Ҳозирда 1-босқичдан чиқадиган шлам қолдиқлари 2-босқич доирасида қурилган шлам йиғгич хавзасига йўналтирилмоқда.

Шлам йиғиш ҳавзаларидан технологик сувлар сизишини назорат қилиш мақсадида кузатув қудуқлари бурғуланган бўлиб, жамият томонидан кузатув қудуқларида тўпланган сизот сувларининг кимёвий экоаналитик лаборатория таҳлиллари мониторинги мунтазам олиб борилиши йўлга қўйилган.

Ҳозирда 1-босқич доирасидаги шлам йиғгич ҳавзаси тўлганлиги учун республикадаги потенциал олим ва мутахассислар билан биргаликда ундаги чиқиндини қайта ишлаш орқали қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Бешбулоқ қишлоғи фаоллари билан учрашув чоғида бу йилги қирғоқчилик оқибатида қишлоқнинг чорва ва лалми экинларига салбий таъсирини инобатга олиб, уларнинг илтимосига асосан чорва ва экинларни суғориш мақсадида қишлоққа қўшимча артизан бурғи қудуқлари қазишга келишилган. Ҳозирда жамият томонидан артизан қудуқларни бурғилаш мақсадида кудук казиш ишларини бажарувчи ташкилотни танлаш бўйича амалий ишлар бошланган.

Шу ўринда, “Ўзкимёсаноат” АЖ очиқлик ва шаффофлик тарафдори эканлигини ҳамда соҳага оид тезкор, аниқ ва ишончли маълумотларга эга бўлиш учун Жамият Матбуот хизматига мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати