Қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш тўғрисида брифинг ўтказилди

// 24.06.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (53.59 KB)

АОКАда ўтказилган брифингда қуйидагилар маълум қилинди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг талабига мувофиқ  2022 йил ғалла ва пахта ҳосили учун соф ҳолда 555,9 минг тонна, яъни ғалла ҳосили учун 272 минг тн ва пахта ҳосили учун 283,9 минг тн азотли ўғитлар, 96,1 минг тн фосфорли ва 50 минг тн калийли ўғитлар биржа савдолари орқали харид қилиниши белгиланган. 

Жорий йилнинг 23 июнь ҳолатига республика истеъмолчиларига  жами (соф ҳолда) 653,3 минг тн минерал ўғитлар биржа савдолари орқали етказиб берилди. Жумладан, 528,2 минг тн азотли, 82 минг тн  фосфорли ва 43,1 минг тн калийли ўғитлар.

Хусусан, ғалла ҳосили учун ажратилган 272 минг тн азотли ўғитлар жорий йилнинг апрель ойига қадар тўлиқ етказиб берилди.

Ўтган 2021 йилга нисбатан таққослайдиган бўлсак жорий йил ғалла ҳосили учун соф ҳолда 10,0 минг тн кўп азотли ўғитлар 20 кун олдинроқ етказиб берилди.

Ҳозирда пахта ҳосли учун биржа савдолари орқали соф ҳолда 256,2 минг тн (90%) азотли ўғитлар етказиб берилди ва озиқлантириш ишлари давом этмоқда. Жорий йилнинг 30 июнигача пахта ҳосили учун ажратилган азотли ўғитлар тўлиқ етказиб берилади.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш зарур, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574 сонли қарори билан қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини кенг жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалигида молиялаштириш ва ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини тубдан такомиллаштириш, шу асосда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, рентабеллигини ошириш мақсадида 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб,  қишлоқ хўжалигига минерал ўғитларни бозор муносабатлари асосида фақат биржа савдолари орқали сотиш механизми жорий қилинган.

Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилда фермерларга минерал ўғитлар учун харажатларни 100 фоиз қоплайдиган миқдорда имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Натижада кимё корхоналари томонидан етказиб берилаётган минерал ўғитлар учун олдиндан 100% тўловларни таъминлаб дебитор ва кредитор қарздорликларнинг ўсиб кетиши олди олинди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларида минерал ўғитни танлаш, исталган ўғитни исталган кимё корхонасидан харид қилиш ва минерал ўғитларни воситачилик устамаларисиз кимё корхоналаридан харид қилишнинг имкониятига эга бўлишди.

Жорий йилда Европа мамлакатларида табиий газ билан боғлиқ мавжуд муаммолар, халқаро майдондаги вазият сабабли жаҳонда минерал ўғитларнинг нархлари кескин кўтарилиб кетган бир пайтда ҳукуматимиз томонидан республика қишлоқ хўжалигига минерал ўғитларни мақбул нархларда ва ўз вақтида етказиб бериш бўйича амалий ва тизимли чоралар кўрилди. Шу жумладан кимё корхоналари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва  ҳудудларда 61 та минерал ўғит сақлайдиган ваколатли омборлар ташкил қилиниб, ғалла ҳосили учун 300 минг тонна азотли ўғитлар захира қилинди.

Натижада ғаллани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари ўз вақтида, босқичма-босқич амалга оширилди. Бунда аввало, кластер корхоналари томонидан минерал ўғитлар захирасини тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига минерал ўғитларни ўз вақтида узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳим агротехник тадбирларнинг олиб борилиши, минерал ўғитлар самарадорлигини 6-8 баробарга ошириш имконини берди.

Ҳозирда ғўза майдонларини озиқлантириш ишлари якуний паллага келган бўлиб, кимё корхоналари томонидан республика ҳудудларига бир кунда ўртача 130-135 вагон, яъни 10,0-11,0 минг тн азотли ўғитлар ортиб берилмоқда.

Ғўза майдонларини агротехник муддатларда азотли ўғитлар билан озиқлантириш учун етарли миқдорда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари ва захираси мавжуд.

 

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати