Хитойнинг “CITIC Construction Co., Ltd.” компанияси билан музокаралар ўтказилди

// 18.06.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (135.1 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Хитойнинг “CITIC Construction Co., Ltd.” компанияси билан видеоконференцалоқа орқали кимё саноатида лойиҳаларни амалга оширишда хорижий компания билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилишга қаратилган музокаралар ўтказилди.

Хитой томони сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланаётгани, шунингдек, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ошаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда кимё саноатидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган Хитой томони кимё саноатидаги истиқболли лойиҳаларга, хусусан, қуруқ циан тузлари ва тиомочевина ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларига инвестиция киритишга қизиқиш билдирди. Ўзбекистон томони CITIC компаниясини кальцинацияланган сода ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича тендерда иштирок этишга таклиф қилди.

Хитой томони Ўзбекистон кимё ва нефть-кимё саноати корхоналари ҳамда Ўзбекистон нефть-газ секторининг ишлаб чиқариш объектларида юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон-Хитой Инвестиция ва тараққиёт жамғармасини ташкил этишни маълум қилди ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун жамғармага маблағ жалб этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ахборот алмашиш ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, шунингдек, Хитой молия институтлари ва Ўзбекистон-Хитой Инвестиция ва тараққиёт фондидан маблағларни кимё саноати лойиҳалари учун жалб қилиш масалаларини ишлаб чиқиш мақсадида CITIC ва “Ўзкимёсаноат” АЖ масъул мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳни тузишга келишиб олдилар.

Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати