“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишишга қаратилган пресс-тур ташкил этилди

// 15.04.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (309.67 KB)

Бугун “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш бўйича тасдиқланган медиа-режага мувофиқ, “Биринчи резинотехника заводи” масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур ташкил этилди.

“Биринчи резинотехника заводи” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ангрен эркин индустриал зонаси ҳудудида резина маҳсулотлари заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2014 йилда ташкил этилган. 2018-йилда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги шиналари, резина-мато ва резина-симли конвейер ленталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шиналар ва конвейер ленталарини ишлаб чиқариш заводида Германия, Голландия, Италия, Япония ва Хитойдан энг замонавий ускуналарга эга. Заводнинг режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати 3.0 миллион дона автомобиль шиналари, 200 минг дона қишлоқ хўжалик шиналари ва 100 минг погон метр конвейер ленталарини ташкил этади. Корхонанинг ишлаб чиқариш қувватига эришиш, лойиҳага мувофиқ, маҳсулот сифатини тўғри таъминлаш мақсадида босқичма-босқич амалга оширилади.

Бугунги кунда “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ишлаб чиқариш ва офис майдони 30 гектар ташкил этади, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, уларда мингдан ортиқ юқори малакали мутахассислар меҳнат қилмоқда. Завод ускунанинг эстетик параметрлари ва ишлаш қулайлигига алоҳида эътибор беради, аммо биринчи ўринда ҳар доим маҳсулот сифатини сақлаш туради. Шина ва конвейер ленталарининг ҳар бир тури сифат бўлимидан ташқари мутахассислар томонидан текширилади ва лабораторияда яхшилаб синовдан ўтказилади. 2019 йилдан бугунги кунга қадар корхона томонидан умумий қиймати 266 млрд. сўм бўлган 704,1 минг дона автомобил шиналари, 16,9 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 72,9 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилди.

Умуман “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг ишлаб чиқариш имкониятлари 58 стандарт ўлчамдаги автомобил шиналарини ишлаб чиқариш имконини беради, улардан 39 таси 2020 йилда ўзлаштирилган халқаро стандартларга жавоб берадиган мутлақо янги стандарт ўлчамлардир.

Чехия Республикасида Чехия Транспорт вазирлиги ҳузуридаги резина технологияси ва синов институтида (IGTT a.s.) Европа стандартларига мувофиқлиги текширилганда “Bars” шиналари Марказий Осиё ва  табиий - иқлим шароитларига мос деб тан олинди. Ҳар қандай йўл қопламаси билан йулларда фойдаланиш учун жавоб беради. Завод маҳсулотлари мутаҳассислар томонидан ўтказилган барча ўлчов ва техник синовларда ўз сифатини намойиш этди. 

2020 йилнинг ноябрь ойида “General Motors” корпорацияси талабларига мувофиқ, компания ва маҳсулотларни сертификатлашда техник ёрдам кўрсатиш учун “LingLong” ва “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ, миллий “Bars” бренди остида шина ишлаб чиқарувчиси ўртасида 4 йиллик шартнома имзоланди. Ушбу шартнома Американинг “General Motors” корпорацияси томонидан белгиланган BIQS талабларига мувофиқ “Ўзавтомоторс” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган йўловчи автомобиллари учун шиналар етказиб беришни кўзда тутади ва у автомобил шиналари сифати ва заводнинг таркибий фаолиятига оид 30 банддан иборат.

Ҳозирда корхона Хитойнинг LingLong компаниясининг техник кўмаги остида мазкур талабларни бажариш бўйича ишларни якунига етиш арафасида турибди ва жорий йилнинг сентябридан бошлаб Damas автомобиллари учун йил якунига қадар 60 минг дона автомобиль шиналари етказиб берилади. 2023 йилга келиб эса “UzautoMotors” АЖга
7 турдаги 37,4 млн. доллар қийматидаги 1,2 млн. дона автомобиль шиналари етказиб бериш режалаштирилган.

2021 йилда корхона томонидан умумий қиймати 538,6 млрд. сўм бўлган 1,6 млн. дона автомобиль шиналари, 30 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 73,5 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилиши ва шу билан биргаликда жами 47 турдаги янги турдаги харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш режаси 40%га етказилади.

2021 йилда қиймати 581 минг долларлик маҳсулотлар экспорти режалаштирилган бўлиб, ҳозирда “АВТОВАЗ” (Россия Федерацияси) компаниясидан 10 минг дона ва “Giant Motors” (Азарбайжон) компаниясидан 76 минг дона автомобиль шиналари учун буюртма келиб тушган.

Шунингдек, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ 3 турдаги қишлоқ хўжалик шиналарини ишлаб чиқаради. Резина-мато ва резина-симли 60 дан ортиқ турдаги конвейер ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улардан 2020-йилда ўзлаштирилган 33 та янги тур, қуввати ва чидамлиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ конвейер ленталари маҳаллий компаниялар: ГП НКМК (Навоий кон-металлургия комбинати), “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналари  ва “Ўзпромстройматериаллари” уюшмаси каби маҳаллий компаниялар ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотларнинг сифати кафолатланган бўлиб, ушбу маҳсулотлар ўрнатилган тартибда сертификатлаштирилган. Корхонада хом-ашё ва материалларнинг қабул қилинишидан бошлаб, ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида маҳсулотларнинг сифати халқаро стандартлар (ASTM, ISO ва ГОСТ) талаблари асосида қатъий назоратга олинган. Тайёр маҳсулотларнинг барчаси энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган халқаро ISO 17025 стандарти талаблари асосида аккредитациядан ўтган синов лабораториясида тегишли синовлардан ўтказилгандан сўнг сотувга чиқарилади.

Шунингдек, корхонада ISO 9001, IATF 16949, ECE 30, ECE 54, ECE 106, ECE 117 халқаро стандартлар талаблари тўлиқ жорий қилинган.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобиль шиналари республика ҳудудига импорт қилинаётган аксарият маҳсулотлардан сифат кўрсаткичлари бўйича юқори бўла туриб, нарх жиҳатидан уларга нисбатан арзон. “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ конвейер ленталари маҳаллий гигантларнинг ишлаб чиқариш циклларида кучли ўрнини эгаллади ва сифат хусусиятлари ва чидамлиги билан машҳур.

Жамиятда ишлаб чиқарилаётган автомобиль шиналари (ўртача нархи - 25 доллар экв.) сифат кўрсаткичлари бўйича Корея Республикасидан импорт қилинаётган маҳсулотлар (ўртача нархи – 40-45 доллар экв.) билан бир хил даражада бўлиб нарх жиҳатидан уларга нисбатан арзон ҳамда Хитой мамлакатидан импорт қилинаётган сифат даражаси паст бўлган маҳсулотлар билан бир хил нархда реализация қилинмоқда.

Завод ходимлари мижозларга ушбу соҳадаги жаҳон раҳбарларидан олган тажриба, билим, кенг қамровли савдо алоқалари, қўшма вазифаларни ҳал етишга юқори сифатли, профессионал ёндашувни тақдим етишга тайёр. “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг ташриф қоғози - бу нархларнинг афзаллиги, сифат кафолати, қисқа етказиб бериш муддати ҳисобланади.

Бугунги кунда завод фаолияти ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларда такомиллаштирилмоқда ва қуйидаги принципларга асосланади:

* янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқиш, кенг ассортимент, юқори сифат ва рақобатбардошлик;

* резина маҳсулотлар, замонавий ускуналар ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниялар тажрибасини ўрганиш;

* буюртма ва мижоз сўровларини бажариш;

* илмий-тадқиқот ишларини, инновацион технологияларни ва профессионал кадрларни ривожлантириш.

Амалда қабул қилинган иш принципларини амалга ошириб, завод ҳар йили ўз маҳсулотларининг турларини кўпайтиради, корхоналар ва ташкилотларнинг мураккаб, стандарт ва индивидуал буюртмаларини қабул қилиб, янги турдаги юқори сифатли, ишончли маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Пресс-тур сўнггида журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжумани давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати