"Ўзкимёсаноат" АЖ

1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади

// 12.08.2019
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/1000-dan-ortiq-yangi-ish-urinlari-yaratiladi

“Самарқандкимё” АЖ фаолияти тўғрисидаги маълумотлар баъзи ахборот веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” АЖ қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-4265-сонли Қарорида кўрсатилган кимё саноатини 2019-2030 йилларга мўлжалланган дастурига мувофиқ, замонавий экологик тоза кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш шарти билан, “Самарқандкимё” АЖ Устав капиталидаги акцияларини ҳорижий ҳамкор “Ferkensco Management Limited” (Кипр) компаниясига “ноль” қийматида сотилиши назарда тутилган. Шунингдек, “Навоийазот” АЖ ва Сирдарё вилоятида (Янгиер) азотли ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётганини ҳамда қишлоқ ҳўжалигининг фосфорли ўғитларга бўлган катта талабини ҳисобга олган ҳолда “Самарқандкимё” АЖ базасида мураккаб фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш камида 200 миллион АҚШ доллар ҳорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилишни ўз ичига олади. Аммофос, моноаммоний фосфат каби фосфорли ўғитлар, таркибида учта озуқа моддаси (NPK) – азот, фосфор ва калий бўлган комплекс ўғитлар ишлаб чиқарилади. Бунда 300 минг тонна фосфорли ўғитлар ва 300 минг тонна NPK ўғитлар мавжуд. Энг муҳими, эскириш даражаси 90% дан ортиқ бўлган асбоб-ускуналар тўхтатилиб, унинг ўрнига минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун янги энергия тежамкор, экологик тоза технологияни ишга тушириш назарда тутилган. Ушбу инвестиция лойиҳаси натижасида 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунга келиб, “Самарқандкимё” АЖ раҳбарияти бир неча йилдан бери тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш устида ишламоқда ва ишчиларнинг уч ойлик иш ҳаққи бўйича қарзлари тўланди.

Инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётганлиги сабабли ОАВ журналистлари ва блогерлар учун медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳурматли журналистлар, сизлардан тасдиқланмаган маълумотни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслигингизни ва бир-бирингизга бундай маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраймиз. Ишончли маълумот учун “Ўзкимёсаноат” АЖ билан боғланинг.

“Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизмати