Ўзбекистонда корхоналарни янгича тоифалаш тартиби амалга татбиқ этилиши мумкин

// 03 2 2018 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.87 KB)

Амалдаги миллий солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчилар юридик ва жисмоний шахслар тоифасига ажратилади. Хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда тез орада йирик солиқ тўловчилар тоифаси ҳам жорий этилиши мумкин.

Юридик шахсларнинг йирик солиқ тўловчилар тоифасига кириши уларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатининг ошишига хизмат қилади.

Йирик солиқ тўловчи саволларига тўғридан-тўғри Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари масъул ходимлари томонидан жавоб берилади ва давлат хизматлари ҳам ушбу идоралар томонидан кўрсатилади.

Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, солиқ даври якуни билан ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси энг кам иш ҳақининг 400 минг бараваридан, товар айланмаси миқдори энг кам иш ҳақининг 5000 минг бараваридан ҳамда жами активлари қиймати энг кам иш ҳақининг 5000 минг бараваридан кам бўлмаган солиқ тўловчилар эндиликда “йирик солиқ тўловчи” деб топилиши мумкин.

Ҳозирда мазкур меъёрлар акс этган ҳужжат – “Юридик шахсларни “йирик солиқ тўловчилар” тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш ҳамда улар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси тайёрланган. Лойиҳа айни пайтда Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

ЎзА