Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари Термизда учрашди

// 21.06.2018 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (38.03 KB)

Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат идоралари ҳамда хусусий сектор вакиллари ўртасидаги мулоқотнинг биринчи давраси бўлиб ўтди.

Бизнес-форумда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев, Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Афғонистон Президентининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Эдуардс Стипрайс ва бошқалар икки қўшни мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади.

Жорий йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш, барқарор ривожланишини янги босқичга кўтариш истиқболларини белгилаб берди. Шунга мувофиқ, дунё ҳамжамияти Афғонистон юртида тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича истиқболли ҳаракатларни бошлади. Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг саммити доирасида музокара ўтказиб, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим жиҳатларини муҳокама этди.

Ўзбекистон қўшни давлатда йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда. Термизда Афғонистон фуқароларига таълим бериш маркази фаолият юритмоқда. Кобул шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи ташкил этилган. Афғон фуқаролари учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилгани яхши қўшничилик муносабатлари юксалиб бораётганига яққол мисолдир. Икки мамлакат ишбилармон доираларининг тенг шерикликка асосланган алоқалари ривожланиб бормоқда. Яқинда Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятини ёритишга бағишланган “Очиқ Жануб” халқаро бизнес-форумида иштирок этган 70 дан ортиқ афғон тадбиркорлари икки томонлама шартномаларни имзолади.

– Вилоятимизда 1 минг 500 дан ортиқ тадбиркор мавжуд, – дейди Балх вилояти савдо-саноат палатаси раҳбари Араш Юнуси. – Бугун уларнинг кўпчилиги Ўзбекистондаги қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига катта қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистонга келган ишбилармонларимиз ана шу соҳалар бўйича яқин ҳамкор топишига ишонаман. Айни пайтда тадбиркорларимиз юртингиздан тухум, дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилмоқда. Бундай яқин қўшничилик муносабатлари иқтисодиётимизни тиклашда ёрдам беради.

Жорий йилнинг беш ойида мамлакатларимиз савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ўсди. Сурхондарё вилоятида афғон ишбилармонларининг саноат корхоналарини ташкил этиши ва қурилиш ишлари билан шуғулланиши, сервис ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиши учун қулай муҳит яратилаётгани ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш имконини бермоқда. Тадбирда Термиз шаҳрида ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар ҳам иштирок этди.

– Ўзбекистондаги тинчлик бизнесни йўлга қўйишда муҳим омил саналади, – дейди афғонистонлик Саид Қудратулло. – Кўп йиллардан буён Термиз шаҳрида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. 10 дан ортиқ юк машинам бор. Мамлакатларимиз ўртасида юк ташиш бўйича хизмат кўрсатаман. Бу ерда топаётган даромадимнинг бир қисми эвазига хориждан янги юк машиналари харид қилиб, хизмат кўрсатиш кўламини йил сайин ошириб бормоқдаман.

Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон савдо-саноат палаталари ўртасида мамлакатимизда ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича меморандум имзоланди. Икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан манфаатли битимлар тузди.

Меҳмонлар ўзбекистонлик товар ишлаб чиқарувчиларнинг “Termiz kargo” экспорт марказида ташкил этилган кўргазма-ярмаркаси билан танишди. Термиз шаҳридаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Манба: ЎзА