Ўзбекистон – Тожикистон: Савдо-иқтисодий ҳамкорликда янги босқич бошланмоқда

// 12 3 2018 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (54.31 KB)

Кейинги 1-2 йил давомида Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида чуқур ўзгаришлар юз берди. Икки томонлама алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-маданий соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатнов тикланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг мажлислари ўтказилди, давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича учрашувлар бўлиб ўтди.

Савдо-иқтисодий муносабатларни яхшилаш мақсадида 2017 йил апрель ойида Душанбеда илк марта Ўзбекистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Унда 160 дан ортиқ компания ва 400 дан зиёд тадбиркор 1,5 мингдан кўпроқ турдаги маҳсулотни, жумладан, электротехника, фармацевтика, атторлик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати ва бошқа тармоқлардаги илғор янгиликларни, қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қурилиш материаллари, лифтлар, маиший техника, мебель жиҳозлари ва бошқа маҳсулотларни намойиш қилди.

"4 кун давом этган кўргазма ва икки мамлакат тадбиркорлари иштирокидаги бизнес-форум якунида 20 га яқин ҳужжат имзоланди. Кўргазма душанбеликларда жўшқин ҳиссиётлар уйғотди, у кўпчилик учун "ҳақиқий сюрприз" бўлди, деб ёзди Тожикистон матбуоти. Одамлар ўзбек маҳсулотларининг сифатидан ҳайратга тушди, қўшниларининг мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқларидан хурсанд бўлди".

Жавоб тарзидаги кўргазма Тошкентда 2017 йил октябрь ойида бўлиб ўтди. Унда Тожикистоннинг нефть-газ, қурилиш, транспорт, фойдали қазилмалар, агросаноат, фармакология, енгил саноат, қайта ишлаш соҳалари, соғлиқни сақлаш, таълим, фан-техника, туризм каби тармоқларида фаолият кўрсатаётган 150 дан зиёд компанияси вакиллари, тадбиркорлар қатнашди.

Ушбу кўргазма ва бизнес-форумларнинг ўтказилиши тожикистонлик шериклар билан маҳаллий маҳсулотларни хорижий бозорларга биргаликда етказиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга кенг йўл очди. Бугунги кунгача Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ташкил этилган кўргазмалар доирасида умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган савдо шартномалари имзоланди.

Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Икки давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш юзасидан кўрилаётган муайян чора-тадбирлар натижасида бу кўрсаткич изчил ўсмоқда. Маълумотларга кўра, 2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 236,8 миллион долларни ташкил этган, бу 2016 йилги кўрсаткичдан 20,2 фоиз кўпдир.

Ўзбекистондан Тожикистонга асосан транспорт хизматлари, минерал ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Юртимизда тожикистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 24 корхона, Тожикистонда эса мамлакатимиз тадбиркорлари билан биргаликда тузилган 9 корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга  давлат ташрифи доирасида Душанбеда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.  Икки давлат раҳбарлари ва делегация аъзолари кўргазмада намойишга қўйилган маҳсулотлар билан танишди. Кўргазмада автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё, нефть-газ, металлургия, электротехника, енгил саноат маҳсулотлари, шунингдек, қурилиш ашёлари ҳамда ҳунармандлик намуналари кенг намойиш этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентини юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан таништириш баробарида, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Тожикистон Президенти мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига юқори баҳо берди, турлари кўплигини таъкидлади. Қўшма корхоналар ташкил этиш таклифини билдирди.

Манба: ЎзА