Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этди

// 25.11.2017 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (53.2 KB)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22 ноябрь куни давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбари 23 ноябрь куни икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон  бизнес-форумида қатнашди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг форум иштирокчиларига қутлови ўқиб эшиттирилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётгани, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётганини қайд этди. Корея Республикаси бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Жанубий кореялик молия ва ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонда фаол бизнес юртиш учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди.

Сўзга чиққанлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожида жанубий кореялик сармоядорларлар фаолияти муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Юртимизда мазкур мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда.

Мазкур корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, қазиш, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика ҳамда туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Манба: УзА