"Ўзкимёсаноат" АЖ

"Made in Uzbekistan": ишлаб чиқарувчилар учун имкониятлар майдони

// 08.11.2017
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news-uzbekistan/made-in-uzbekistan-2017

“Ўзэкспомарказ”да “Made in Uzbekistan” деб номланган мамлакатимиз иқтисодий соҳа ютуқлари кўргазма-ярмаркаси иш бошлади. 

Кўргазма очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва чет эллик ишбилармонлар қатнашди. 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов ва бошқалар мамлакатимизда тармоқлараро кооперация алоқаларини ривожлантириш, маҳаллий корхоналарда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, корхоналарнинг жадал фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлади. 

Кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар енгил саноат, фармацевтика, нефть-газ, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, қурилиш, халқ истеъмоли моллари, автомобилсозлик, кимё саноати, йўл-транспорт инфратузилмаси, электротехника, телекоммуникация ва ахборот технологиялари, агросаноат ютуқлари, янги маҳсулотлар, таълим ва бошқа турдаги хизматларни намойиш этмоқда. Кўргазма иштирокчилари ва ташриф буюрувчилар учун ишлаб чиқариш тармоқларига жорий этилаётган сўнгги инновацион лойиҳалар ҳақида маълумот олиш имкони яратилган.

Таъкидлаш жоизки, бугун нафақат ички бозорда, балки Марказий Осиё минтақаси ва МДҲ бозорларида юқори талабга эга ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган эътибор туфайли мамлакатимизда жорий йил бошидан маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 750 лойиҳа асосида 5 триллион 781 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Маҳсулотлар экспорти ҳажми муттасил ортиб бормоқда.

Кўргазма-ярмарка маҳаллий ва хорижий ишбилармон доиралар, йирик компаниялар, хусусий корхоналар вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Хитойнинг Шэньси провинциясида жойлашган халқаро порт зонаси маъмурияти ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида. "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида савдо-ҳамкорлик, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг "Сауда Самал" компанияси, Тожикистоннинг "Саховат" савдо мажмуида жойлашган Ўзбекистон – Тожикистон савдо уйи масъуллари тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар учун беғараз майдончалар ажратиш, ушбу мамлакатларда маҳсулотлар намойишини ташкил этиш таклифларини билдирмоқда. Шунингдек, Жанубий Корея, Россия, Афғонистон, Қирғизистон, Таиланд, Кувайт, Туркия, Франция ва бошқа давлатлар компаниялари вакилларининг ҳам фаол қизиқиши кузатилмоқда.

ЎзА