Биринчи ўзбек кимёгар қизи ҳақида биласизми?

Зарифа Саидносирова 1908 йил 31 сентабрда Туркистон шаҳрида туғилган. Кимёгар олима. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968), профессор (1970). Кимё фанлари номзоди (1945). Биринчи ўзбек аёл рассоми. Таниқли маърифатпарвар С. Миржалиловнинг қизи, ёзувчи Ойбекнинг рафиқаси.

Тошкентда «Пестолосси» мактаби (1922-26), Навоий номидаги таълим-тарбия техникуми (1924-36) ва айни пайтда Розанов тасвирий санъат студияси (1924-26) да ўқиган. Сўнг Ўрта Осиё университети физика-математика факультетининг кимё бўлимини тугатиб (1926-30), ўрта мактаблар, хотин-қизлар билим юрти ва ишчилар факультетида физика, математика ва кимё фанларидан дарс берган. Қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири (1930-86), Тошкент тиббиёт институтида ўқитувчи (1932-37), Ўқувпедагогика нашриётида муҳаррир (1934-35) бўлиб ишлаган.

Ўрта мактаблар ва техникумлар учун “Кимё” дарслиги (1933) муаллифи. Зарифа Саидносирова педагогик фаолиятидан ташқари, вольфрам комплекс бирикмалари ва кимё терминларининг русча-ўзбекча луғати устида илмий иш олиб борган. «Химиядан русча-ўзбекча қисқача изоҳли луғат» (ҳамкорликда, 1975), «Ойбегим менинг» (хотиралар, 1994) китоблари чоп этилган.

Зарифа Саидносирова Ойбек адабий меросини сақлаш, тартибга солиш ва нашр этиш ишига катта ҳисса қўшган. У адибнинг ўзбек тилидаги 20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами» (1975-85)ни, рус тилидаги 5 жилдлик «Асарлар»и (1985-87)ни нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1985). Зарифа Саидносирова 1986 йил 16 августда Тошкентда вафот этган. Тасвирий санъатга оид ишлари Ойбек уй-музейида сақланади.

У ўзининг «Ойбегим менинг » хотиралар китобида бундай эслайди: “Мен 1930 йилдан бошлаб, ўрта мактаблар учун кимёдан дарслик ёзишни ўйлай бошладим. Бунинг учун энг аввал кимё атамаларини ишлаб чиқиш керак эди. Шунинг учун мен атамалар билан шуғуллана бошладим ва айни замонда дарслик ёзишга ҳам ҳозирлик кўрдим. Рабфаклар ва техникумлар учун ёздигим «Анорганик кимё» дарслиги босилиб чиқди. Ҳажми 18 босма тобоқ бўлиб, лотин ҳарфи ила чоп этилган. Бу кимё фанидан ўзбек тилида чоп этилган биринчи дарслик эди. Шу туфайли менга доцентлик унвонини бердилар. Китобга шоир Элбек муҳаррир бўлди. У камтарин, хушмуомала одам эди. Мен 1931-1932 йилларда САХИПИ нашриётига кимё бўйича атамалар китобини топширган эдим. Дарсликдан сўнг у ҳам босилиб чиқди. Ўша йилларда ўрта мактабларнинг қарийб барча синфларида Верховскийнинг кимё фани бўйича чиқарган китоблари дарслик сифатида ўқитилар эди. Мен шу дарсликларнинг кўпини ўзбек тилига таржима қилдим”.